Фарҳод Маҳмудов: "Ўзбек киносига керакман"

Фарҳод Маҳмудов:

Фарҳод Маҳмудов: "Ўзбек киносига керакман"

  • 30/03, 14:16
  • Интервью

Эҳтимол, “Бўрилар” фильми бугун кимнингдир ёдидадир ёки “Майсаранинг иши” картинасидаги хушсурат, мўйлови энди сабза ура бошлаган барно йигитни эсларсиз. Ўтган асрнинг 90-йиллари суронида кетиб қолган “Ойхоннинг чўпони” йиллар ўтиб “Барон” бўлиб қайтди... Суҳбатдошимиз – ўзимизда эътироф этилган актёр (2016), Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудов.

 Фарҳод, ижодингиз шу ерда бошланди. Лекин Россияда танилдингиз. Машҳурликни елкага ортиб яна ўзимизга қайтдингиз. Бу қайтишнинг сабаби нима? Ўзбек киноси ривожига ҳисса қўшишдек ватанпарварлик туйғусими? Катта гонорарми? Юрт соғинчи ёки “йўқ дея олмаслик”ка ўхшаш кўнгил бўшликми?

– Мен бунга “қайтиш” деб ортиқча урғу бермаган бўлардим, чунки Тошкентдан ҳеч қачон узилиб кетмаганман. Ота-онам, қариндош-уруғим, дўст-биродарларим шу юртда. Бу ерда фаолият юритмаганимнинг сабаби эса ўзингизга маълум, узоқ йиллар ўзбек киносидаги ижодий муҳит кўнгил тўладиган аҳволда эмас эди. Менга эҳтиёж туғилганини тушунишим биланоқ Ватанга учдим. Буни қандай аташ ихтиёрингиз. Хоҳ ватанпарварлик денг, хоҳ соғинч денг. Лекин жон деб қайтганим рост. “Катта гонорар” ҳақидаги гап эса ортиқча. Россия билан солиштириб бўлмайди. Ҳар ҳолда, мени ота уйимга пул ишлаш истаги етаклаб келмади. Мен ўз юртимга, ўзбек киносига кераклигимни ҳис қилдим.

– Хориж фильмларида суратга тушиш актёр биографиясини бойитиб, кўтариб турадиган бир жиҳат. Санъаткор нафақат ўз юрти, балки бутун жаҳон унинг саҳнасига айланишини хоҳлайди. Бу истакдан бизнинг актёрлар ҳам бегона эмас. Ижодий ўсиш учун эса кўпроқ четга чиқиш керак, деган тушунча бор. Сизни ўзбек фильмларида кўраётганимиздан шундай хаёлга борамиз: демак, бизда ҳам жараён дунё билан бўйлашиш даражасида ўзгаряпти...

– Артист ҳамма ерда ҳам артист. Тошкент актёрлик мактаби азалдан жуда кучли ҳисобланган. Фақат бугун боридан борича фойдалана олишмаяпти, йўғини эса излаб, топиб, тарбия қилишмаяпти. Қанчадан-қанча истеъдодлар, бетакрор актёрларнинг ижодий салоҳиятини тўла очиб берадиган асарлар йўқ, роллар йўқ. Биласизми, энг қимматбаҳо, нодир олмосга ҳам ўзига муносиб узук керак. Акс ҳолда, оддий тошдан фарқи қолмайди.

Кино – жамоавий иш, бутун ижодий гуруҳ бир-бирига муносиб бўлмаса, бояқиш актёрнинг ёлғиз ўзи ҳеч нима қила олмайди. Фильм яралишида ҳаммасининг муҳим ўрни бор. Маҳорат, тажриба, истеъдод ва сабр-тоқат жамоадаги ҳар бир касб эгасидан теппа-тенг талаб этилади. Битта актёрни “яхши ёки ёмон” деб ҳукм ўқишдан олдин ана шу нозик жиҳатларини эътиборга олиш керак. Кино – бир гуруҳ ҳаммаслакларнинг ягона мақсад сари интилишлари ҳосиласи.

– Ҳам рус кинематографияси “ошхона”сидан хабардор, ҳам бу ердаги вазиятни илгаридан биладиган актёр сифатида айтинг-чи, ўзбек киносининг ҳозирги аҳволи қандай? Дўст ачитиб гапиради дейишади-ку, очиғидан сўйлайверинг.

– Ўзбек киноси олий даражада ривожланмоқда, ҳар томонлама ўсиш, юксалиш кўзга ташланмоқда, десам ёлғон бўлади. Яна такрорлайман, кино – бир гуруҳ маслакдош ижодкорларнинг саъй-ҳаракати меваси. Шу маънода йўлимизда кўндаланг турган муаммоларни фақат бирлашибгина ҳал қила оламиз. Бунинг учун эса кинони бетаъма севиш, кинони қисмат деб билиш шарт. Соҳада тасодифийлар эмас, фидоийлар ишлаши керак.

Айни чоғда ўзбек киносининг асосий муаммоси режиссёр, актёр, оператор ёки продюсер эмас. Кўпроқ иккинчи ва учинчи эшелон мутахассислари етишмаяпти. Парда ортидагиларнинг меҳнатисиз фильм яратиб бўлмайди. Иккинчи режиссёр, ассистент, рассом ва ҳоказо... Жуда жиддий муаммо. Очиғини айтганда, бу фақат ўзбек киносининг бошоғриғи эмас, бутун дунёда шунақа аҳвол, ҳатто Голливудда ҳам. Ўз ишининг камтар усталари ҳар ерда жуда камёб, қадрли. Уларнинг меҳнати олтинга тенг. Бундай мутахассисларни асраб-авайлаш, янгиларини ёшлар орасидан топиш ва тарбиялаш керак. Бирданига, бугун ё эртагаёқ мева бериб қолмайди, албатта. Лекин ҳозир бошланмаса, яна кеч бўлади.

– Сизни ўғлингиз билан кўп кўрамиз. Доим ҳамроҳлик қиладими?

– Йўқ, ҳар доим эмас, баъзан таътил пайтлари ўғлимни ўзим билан олиб юраман. Менга қолса-ку, ҳамиша ёнимда бўлса. Лекин ҳамма вақт ҳам бунинг имкони йўқ.

– Бир қараганда сиз ҳақингизда кўп нарса биладигандекмиз, лекин айни пайтда деярли ҳеч нарса билмаймиз. Барча ролларингиз тўғрисида интернет манбаларида етарлича маълумот бор. Шахсий ҳаётингиз хусусида эса...

– Аксарият актёр, рассом, ижод аҳли каби менда ҳам шахсий ҳаёт ҳавас қилгулик эмас. Чунки бизнинг турмушимиз бошқаларникига мутлақо ўхшамайди. Аслини олганда, ҳамма қатори оддий одаммиз. Лекин умримиз йўлларда ўтишини касбимиз тақозо этади. Уйда деярли бўлмайман. Нимаям қилолардим, ҳаёт шу экан-да. Сафар халтаси менинг рўзғоримга айланган. Тушуниб турибман, шахсий сирларни очишимни истаяпсиз. Лекин, келинг, сир сирлигича қолсин... Ўзи, айтишга арзирли гапим ҳам йўқ. Очиғи, ҳозир ўйлаб қолдим, менда шахсий ҳаётнинг ўзиям йўқ экан...

– Бир интервьюда “Аёл қандай бўлиши кераклигини фақат эркак билиши мумкин”, деган экансиз. Афсус, ўша суҳбатингиз билан танишишга муваффақ бўлмадим. Бироқ ҳозир ўзингиздан сўраш имкони туғилди: ҳамиша нозик жинс аҳли диққат-марказида юрган эркак сифатида айтинг-чи, ҳақиқий аёл қандай бўлиши зарур?

– Гап матндан узиб олинган кўринади. Бу ўта шахсий фикр... “Ҳақиқий аёл қандай бўлишини фақат мен биламан”, деб тушунманг. Ҳар эркакнинг ўзича тасаввури бор... Мен учун эса энг муҳими – яхши она эканлиги, фақат севги-муҳаббат билан иш битмайди. Эрни ҳар қанақа ҳолатда тушуна оладиган, қўллаб-қувватлайдиган, ишонадиган... Қаранг, ҳамма айтадиган гапларни такрорлай бошладим... Менинг орзум ҳам шу – оддий эркакнинг орзуси.

– “Бригада” сериалигача анча-мунча роллар ўйнаб қўйган эдингиз. Ундан кейин ҳам... Лекин нимагадир томошабин сизни айни шу фильмдаги образ орқали яхши танийди. Ўзбек томошабинларининг эса сиз ижро этган бошқа севимли қаҳрамони бор... Қайси кино, қайси роль тўғрисида гапираётганимни тушунгандирсиз?

– Фаҳмимча, “Барон” ҳақида сўз боряпти. Унинг қайсидир жиҳатлари ўзимни эслатади: шахсий ҳаётини ишига фидо қилган, мураккаб тақдирли инсон. Бу тўқима, ўйлаб топилган қаҳрамон эмас. Шундай инсонлар бор, улар ҳақида гапираётганда самимий бўлишга интилдик.

– Ҳаётда ўзингизга қўйган таъқиқларингиз?

– Ҳм... ўйлаб кўрмаган эканман. Масалан, одам ўлдирмасдим, ҳатто жонзотларнинг қонини тўкмасдим. Бу иш ҳечам қўлимдан келмаса керак. Баъзан ҳатто сўз билан, ножўя муомала билан ҳам бир инсоннинг бошига етиш мумкин. Шундай оғир гуноҳнинг юкини елкамга олишдан қўрқаман. Яна, ёлғон гапириш, алдаш каби ҳунарлар бегона менга. Бировнинг ҳаққини емасликка интиламан... Хуллас, инсон деган номга зид хатти-ҳаракатларни ўзимга эп кўрмайман. Хў-ўш... тағин нима қилмайман? Очиғини айтсам, жуда қийин савол экан. Кейингисига ўта қолайлик.

– Касбингизнинг плюс ва минусларини нимада кўрасиз?

– Ҳаётнинг ўзи плюс ва минуслардан иборат-ку! Энг муҳими, касбимни яхши кўраман, санъатнинг ичида яшашдан ҳузур қиламан. Ўзимни турли тақдирларда синаб, турфа қиёфаларда кўришни ёқтираман. Бу имкониятни менга фақат актёрлик беради. Минусларига келадиган бўлсак… Оилавий бахтни ижоднинг шавқи билан уйғунлаштириш қийин. Ҳаётимда қила олмаган энг мушкул вазифа шу! Эҳтимол, кимлардир уддасидан чиқар, бироқ менинг қўлимдан келмаяпти.

– Ҳаётдаги энг муҳим ютуғингиз нима? Энг оғир мағлубиятингиз-чи?

– Саволингизга қандай жавоб беришгаям ҳайронман. Энг катта муваффақиятимга ҳали эришганимча йўқ, ҳаммаси олдинда деган фикрдаман. Мағлубиятлар ҳам учрагандир, лекин менга унчалик сезилмаган. Фикримча, ўйлаган ниятларинг, кўзлаган мақсадларинг, орзулаган ролларингга эришмасдан туриб, шундай ўтиб кетсанг, энг оғир фожиа шу бўлса керак. Ҳа айтганча, менинг ҳаётдаги энг катта муваффақиятим, ўғлим – Искандар. Тушунарсиз, чалкаш тақдиримдаги ягона умидим ҳам у! Умр йўллари яна қай сори бошлайди, билмайман, асосийси – ўғлимнинг борлиги, бу жуда муҳим гап!

– Фарҳод, ҳаёт жуда мураккаб ҳодиса. Кутилмаган эврилишлари билан одамни довдиратиб қўяди. Баъзан ҳаммасини издан чиқариб юбориши, бошқа ўзанларга оқизиб кетиши мумкин. Сизда ҳам кескин бурилишлар бўлганми?

– Бўлган. Тақдир йўлимни кўп карра ўзгартирган. Тасаввур қилинг, оқим билан сузи-иб боряпсиз. Тўсатдан шаршарами, гирдобми чиқиб қолади ва, табиийки, бошқа йўналишга қараб интиласиз. Ҳаётда юз берган кескин бурилишни кулфат деб қабул қилишга шошилманг, бу ҳодиса қутлуғ йўлнинг бошланиши ҳам бўлиши мумкин. Яхшиси, ўзимдан мисол келтириб гапира қолай. 2009 йили театрдан кетдим. Ҳозир ҳечам ачинмайман. Оқилона қарор қилганимни йиллар исботлаяпти. Кино тақдиримга айланди. Илкис қадамлар бўлмаса, яшашнинг қизиғи ҳам қолмайди, аслида. Мени ҳаётнинг бунақа кутилмаган об-ҳавоси чўчитмай қўйган.

 

Фарҳод Маҳмудовнинг ўзбек киносига қайтиши ижобий қаҳрамон образига даъвогар анча-мунча юлдузларимизни ҳовуридан туширгандек бўлди. Тан олайлик, бизнинг киноқиёфаларда кенг фикрли, ўқиган ва уққан инсоннинг ўзгача оҳанрабоси муаммо эди. Шу маънода Фарҳод Маҳмудов билан бирга бугунги фильмларимиз қаҳрамонларида етишмаётган “харизма” ҳам кириб келди. У ўзигача ва ўзидан кейинги авлод орасида узилиб қолган занжирга боғловчи ҳалқа бўлиб қўшилди, бизнингча.

 

Шоҳира Ҳамро суҳбатлашди

("Кино санъати" журнали 1-сонидан олинди)