“Кетмони учган” филм хорижда ҳам тан олинган

“Кетмони учган” филм хорижда ҳам тан олинган

“Кетмони учган” филм хорижда ҳам тан олинган

  • 26/07/2019
  • Мақола

“Ассалому алайкум уважаймый товариш Стивен ака Спилберг...” филм шундай бошланади. Шу сабабдан фильм “Абдулладжан, или Посвящается Стивену Спилбергу” номи билан ҳам аталар, эҳтимол. Фильм сценарийси Спилбергнинг “Ўзга сайёралик” асарига ҳамоҳанг тарзда яратилган. Лекин “Абдуллажон”да ўзбекона лутф олд ўринга олиб чиқилади. 1992 йилда яратилган кино ҳозир ҳам томошабинларни екран қаршисига чорлайверади. Сценарий муаллифи: Зулфиқор Мусоқов, Рихсивой Муҳаммаджонов, постановкачи-режиссёр: Зулфиқор Мусоқов. Жанр жиҳатдан фантастик комедия йўналишига оид. Унда ўзбек халқига хос самимийлик юмор орқали кўрсатиб берилади.

Фильмда тилга олинган иборалар халқ мулкига айланиб, одамлар орасига ёйилиб кетган.

Фильм интернет оламида ҳам анча машҳурлигини кўриш мумкин.

Интернет тарозиси билан ўлчаганда фильм “Youtube” тармоғида 430 890 марта кўрилган. 2700дан ортиқ “ёқтирилган”. Томошабинларнинг кинокартина ҳақидаги фикрлари асосан ижобий: кимдир болалигини эслайди, кимдир ундаги сўзларни такрорлаб маза қилади, бошқа биров кулгу билан ўзбек деган халқнинг қиёфаси чизиб берилганини таъкидлайди. Улар орасида ўзбек ҳам, қорақалпоқ ҳам, қозоғу қирғиз ҳам бор.

Kino-teatr.ru сайти орқали фильмни томоша қилган русийзабон аудитория ҳам у ҳақида ижобий фикр билдириб ўтган:

  • Ажойиб фильм. Оилавий томоша қилиш учун энг яхши танлов. Аммо кўпчилик бу ҳақида билмайди. Жуда кам кўрилган. Унинг кинокутубхонамда бўлишини истайман.
  • Бу фильмни 90-йилларда кўргандим. Аммо Двд вариантини тополмадим. Интернетда кўриб хурсанд бўлдим. Имкон топиб кўришни тавсия қиламан, пушаймон бўлмайсиз.
  • Шунчаки класс! Бу филмни камида ҳафтада бир марта томоша қиламан энди.
  • Супер филм! Осиёликларга хос юморга йўғрилган.
  • Кадр ортидаги овоз ажойиб, шарқона интонация кишини ўзига жалб қилади.
  • “Мальчииик, Маруся где, Маруся? Барнаулдами?” энг қизиқарли саҳналардан бири.
  • Ажойиб картина! Собиқ совет давлатлари ҳудудидаги энг яхши комедиялардан бири деб ўйлайман.

Бир саҳна бор: “Совет ва Америка ракеталари учрашиб қолишади, бир-бири билан саломлашади: — Ассалому алайкум! — Ваалайкум ассалом!” Зулфиқор Мусоқовнинг кашфиёти.

Кинога нисбатан танқидий фикр билдирганларга нисбатан эса:

  • Кинодаги ҳақиқий ўзбек колорити. Катта истеъдод билан яратилган фильм. Агар сиз ёқтирмасангиз, кўрманг, кино сизники эмас.

 

Филмнинг бош қаҳрамони Бозорбой образини гавдалантирган Ражаб Адашев оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида фильмни  суратга олиш жараёни ҳақида шундай деганди: “Бу мураккаб съёмка дейилади. Ҳозиргидек замонавий техникалар йўқ пайтда, шундай муваффақиятли тасвирларни олганимиз сир бўлиб қолгани маъқулми, дейман. Чунки айрим содда ҳамюртларимиз кетмоннинг учишига қаттиқ ишонганда. Ҳозир бундай картина олмоқчи бўлсангиз, жуда осон. Компьютерда ясаб ташласа бўлади. Лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкинки, ўша ролим билан ҳақиқатда менинг кетмоним учган...”

Биз билган “Абдуллажон” – Шуҳрат Қаюмов эса бобоси Малик Қаюмов касбини давом эттириб, операторлик билан шуғулланмоқда. Маълумот учун, Шуҳрат Қаюмов Аюб Шаҳобиддиновнинг “Темур” фильмида ҳам суратга тушган.

                                                                                                         

                                                                                               Суҳроб Зиёдов тайёрлади