"Қўқон шамоли": Кинога кўчган тарих

"Қўқон шамоли": Кинога кўчган тарих

  • 28/03, 17:09
  • Мақола

  Тарихий жанрлардаги  фильмларга  қизиқиш   доимо  юқори  бўлган.  Негаки  уларда ўтмиш, инсоният  тарихи  бор  бўй-басти  билан намоён  бўлади.   Мен ўзи кимман, кимнинг авлодиман, келиб чиқишим  кимга  бориб  тақалади.  Ота-бобом, аждодларим қандай  яшашган  деган  савол  ҳар  бир  инсонни  қизиқтириши  табиий.   Бунинг натижаси  ўлароқ  биз  тарихни  ўрганамиз,  мозийни  яхшироқ  англашга, ундаги   намуна  бўла  оладиган   шахснинг  ибратли  ҳаётидан  ўрнак  олишга  ҳаракат  қиламиз.  Зеро дунё  маданиятида  ўчмас  из  қолдирган  файласуф  Цицерон “тарихини  билмаган  киши  ўтмишдаги  хатосини  қайтаришга  мажбурдир”, дейди.

Дарҳақиқат,  бутун  дунёда  глобаллашув  авж  олиб  бораётган  бир  даврда  миллийликни  сақсаш,   инсоният  тамаддунига  бешик   бўлган  қадриятларни  аслидай  келажак  авлодга  етказиш,  улуғ  тарихий  шахслар  сиймосидан  ифтихор  туйғусини шакллантириш  бугун муҳим вазифадир.   Бу  жараёнда  қамрови  жиҳатидан  кенг  оммани  жалб  қилувчи   кино  соҳасининг  ўрни  беқиёс.  Шу сабабли ҳам  кейинги  пайтда   "Ўзбеккино"  миллий  агентлиги  томонидан   қатор тарихий  фильмлар  суратга  олинди  ва  олинмоқда.  Жаҳонгир  Аҳмедовнинг  “Исломхўжа",  Абдувоҳид  Ғаниевнинг “Элпарвар”, Музаффар  Эркиновнинг "Абдулла  Авлоний” ва  Дилмурод  Масаидовнинг  «Қўқон  шамоли”  фильмлари айни шулар  жумласидандир.  Энди  Дилмурод  Масаидовнинг  «Қўқон  шамоли”  фильмига  салгина  кенгроқ   тўхталсак.  Бу ижод  намунаси  Қўқон  тахтида  ўн  уч  йил  ҳукмронлик қилган,  "жаннати  замон" дея  улуғланган  Амир  Умархоннинг  салтанат  тепасига  келиши ва  бу  билан  унинг  ҳаётида  содир  бўлган  ўзгаришларни   тасвирлайди.   

Фильм  қатор  ютуқлар билан  бир қаторда  табийки,   камчиликлардан  ҳам   холи  эмаслигини кўришимиз  мумкин. Аввало,  фильмнинг  ютуқларини санаб  ўтсак.  Ёш  бўлишига  қарамай   кўпгина   фильмлари  билан  танилиб  қолган истеъдодли постановкачи  оператор  Ҳусан  Алиевнинг  маҳоратини  эътироф  этиш  ўринли.  Унинг  фильмдаги  Андижон  ҳокими  Раҳмонқулибекнинг (Ҳошим Арслонов )  қизи   Моҳларойимни (Райҳон Асатова)  Андижондан  Қўқонга  олиб  келиш  саҳнасида  юқоридаги  сўзларимизнинг  исботини  кўришимиз  мумкин.  Яъни  умумий   пландан  бошланган  кадр  аста-секин ўрта  ва  ундан  сўнг  йирик  планга  алмашиниб  боради.  Аравада  кетаётган  Моҳларойимнинг ойдай  чеҳраси   экранда  намоён  бўлади. Худди шу  жараёнда  томошабиннинг  кўзини  яшнатадиган  ям-яшил  дала,  ғарқ  пишиб  етилган буғдой  бошоқлар,  атрофнинг  гўзаллиги  ва  табиат  манзараси  бор  бўй-басти  билан   гавланади. Мана  шу  гўзал  юртнинг  ҳавосидан  баҳраманд   бўлиб  улгайган  Моҳларойимнинг  бор  гўзаллиги,  латофатини  бутун   водийнинг  латифлиги билан ўзаро  тенг  ҳолда   тасвирлайди. 

Операторнинг  бу  маҳорати  либослар  бўйича  рассом  Севара  Зуннунованинг маҳорати  билан   уйғунлашиб  кўз  олдимизда   тарихнинг  бир  бўлагини  гавдалантиради. Қолаверса,  гримм  устаси   Нигора  Каримованинг  ишлари  фильм  бадиятидан  келиб  чиқиб  унинг  мазмуний  бутунлиги  учун  хизмат  қилган. Картина Амир Умархоннинг  акаси,  Олимхонинг  ҳукмронлигидаги  давр  тавсилоти  билан  бошланади. 

Ака -укага  қилинган  суиқасд  ва  ундан Умархоннинг  тасодифан  қутилиб  қолиши  сал  ўтиб  у  тоғасининг  қизи  Нодирабегимга  уйланиши,  шу  билан  бир  қаторда   саройдаги  зиддиятлар  орасидаги   таҳликали  ҳаёт  тафсилотлари  билан   фильм  воқеалари  давом  этади.  Киноасарнинг  илк  кадридаёқ  Олимхоннинг  золимлигини,  қўл  остидагиларининг   хатти-ҳаракатини  назорат  қилмаслигини,  бунинг   натижасида  бор   жабр-зулмни  оддий  халқ  тортаётганини  кўрсатиш   мақсадида  сигир  боқиб  юрган  қария  чўпонни  калтаклаб,  сигирлардан  бирини   чопиб  ташлайди.   Аммо  бунинг   асосли  бирон-бир  сабаби    кўрсатилмаслиги  натижасида   танганинг  фақатгина  бир  тарафига назар   ташланганини  кўришимиз  мумкин. 

Боз  устига  ҳалок   бўлган  сигирдан  на хонга ва  на  уни  чопиб  ташлаган  сарбозга  ҳеч  қандай  наф  йўқ  эди.  Йўлда  кетаётган  хон  содиқ  навкарларидан  бирига  ортга,  Тошкентга  қайтишини ва  ўғли  Шоҳрухдан  кўз-қулоқ  бўлишини  айтади.  Ўзи  бўлса,  бирон  ҳийла  борлигини  сезиб  турганини  айтиб  йўлида  давом  этади.  Тўғри,  оталик  меҳри  сабаб ўғлидан  ташвишланишини  тушунса  бўлади.  Лекин  ўз  ҳаёти  хавф  остида турганида ишончли  навкарини ўзидан  узоқлаштириши  сал  ҳақиқатдан  йироқдай  эмасмикин? Бундан  ташқари  хоннинг   ён  атрофидаги  соқчилар  образини  талқин  қилган  оммавий  саҳнадаги  аскарларни  анчагина  кўпайтириш , табиийки,  фильмнинг   маҳобатини янада оширган   бўларди.  Агарда  имкони  бўлса,  жанг  саҳнасида  шиддаткор  ҳаракатларни,  кескин  курашларни,  томошабинни  ҳайратини  оширадиган  шу  билан  бирга  унда  ҳавас  уйғотадиган  қаҳрамонларни   бироз  кўпроқ   тасвирланганда, бу фақат фильмнинг  ютуғини  таъминларди,   холос.  

Амир  Олимхон   образи  Бобур  Йўлдошев  сиймосида  талқин  қилинган  бўлиб,  бу  қаҳрамон    фильмдаги  энг  ёрқин  ва  жонли  образлардан  биридир.   Унинг  характеридаги    қаҳр-ғазабни     ҳаракатларида,  юриш-туришида  ҳамда сўзларини   қатъий  баён    қилиши  орқали   ифодалайди.   Айниқса,  унинг  "мен, албатта, буни  тагига етаман”,  деган  жумласи  қаҳрамонга  бўлган  қизиқишни  ошириб,  фильмга  юқори  суръат (динамика)   бағишлашга   хизмат  қилган.  Аммо  бу қизиқиш  фавқулодда  пайдо  бўлган  тумандай  томошабинда  жуда  тез  тарқайди.  Шу  сўзларнинг  амалдаги  бирон  кичикроқ  бўлсада  воқеаси  ёритилганда,  менимча,  мақсадга  мувофиқ  бўлар эди.  

Бекларнинг  хонга  қарши  қилган  ҳаракати  оқибатида  Олимхон  Қўқонга  қайтиш   пайтида    вафот  этади.  Амир  Умархоннинг  ҳам  айни  дамда  ортидан  одам  тушгани  унинг  барча  навкарлари  ўлдирилгани  ўзи эса  яраланган  ҳолда  тоғаси  совға  қилган  от   туфайлигина   тирик  қолганини  кўришимиз  мумкин.   Бу  воқеани  Умархон  ойисига  айтиб  бераётган  саҳнада  негадир  ўтмишнинг  нафаси  сезилмайди.  Бу,  айниқса,  диалогларда  яққол  кўзга  ташланади.  Ҳазрати  Навоий  айтганларидек,  гавҳари  шарифга  тенг  нарса  сўздир.  Дарҳақиқат,  фильмда  бу  жиҳат  бироз  оқсаганига  гувоҳ  бўламиз.   Негаки  либос,  ташқи  кўриниш, қиёфа  тубдан  ўзгаргандан  кейин  салгина   сўзлашиш  тили  ҳам  тарихий  аҳамият  касб этса  нур  устига  аъло  нур  бўлар эди.  

Шундай    қилиб акасининг  ўлимидан  кўп вақт  ўтмай  Умархон  тоғасининг  қизи  Нодирабегимга  уйланади.  Чунки давлат, тож-у тахт , шаксиз,  кимнингдир  ҳукмронлигига  ва  албатта,  бошқарувига  муҳтождир.   Шу  ўринда  Нодирабегим  Андижондан  хонлик  маркази  Қўқонга  ташрифи  чоғида  уни  кўргани  чиққан  халқнинг   гўёки  бошқа  бирон  қиладиган  арзирли  юмуши  йўқдай  йўлга  термулиб  ўтирганини  кўришимиз  мумкин.  Ахир  тарихдан  маълумки,  у давр кишилари  учун   турмуш   ташвиши,  тирикчилик  биринчи  ўринда   турган.   Тасаввур  қилайлик,  мана  шу  саҳна  кундалик  юмуш   билан  банд  бўлиб  турган  аҳоли  орасидан  боз  устига,  яна  оммавий  саҳнадаги  актёрларни  кўпроқ  жалб  қилган  ҳолатда  бўлганда бу  кадр нақадар  табиий  бўлиши  билан  бирга  шубҳасиз,  жуда  ишонарли ҳам  чиқарди.   Бунга  мисол  қилиб  1969 йил  Йўлдош  Аъзамов   томонидан  сувратга  олинган  "Ўткан   кунлар" фильмидаги  Юсуфбек  ҳожининг  (Аббос  Бакиров) Тошкент хони  Азизбекнинг   олдидан   қайтаётгандаги   саҳнани  эслаш  кифоя.  Саройда   хоннинг  асосий  рақиби  Ирисқул (Фурқат Файзиев) ва унинг  тарафдорлари  эди.  Буни   Умархон  яхши  биларди.  У  тахтга  чиққандан  сўнг   Ирисқул  ва  унинг  тарофдорларини   сийловдан  бебаҳра  қолдиради.  

Бу  воқеадан   кейин  уларнинг  хонга  қарши  ҳаракати  янада  авж  олади.  Бу  воқеани  салгина  бошқачароқ,  яъни  беклар  тўдасидан   бирор кишини  бошқасидан  ортиқроқ  сийлаб хон  ўзига  уни  яқин   тутиб,  жамоага  нифоқ  солиб  хуфиёна  иш  олиб  борилганида  бу ҳолат  бир  тарафдан  мухлиснинг  қизиқишини оширишга  хизмат  қилса,  иккинчи  томондан,  Умархоннинг  қай  даражада  ақл-фаросат  соҳиби  эканини ҳам  кўрсатган  бўлар  эди.   Саройдан  чиқиб  кетаётган  Ирисқул  хоннинг  қайнотасига  яқиндагина  оталиқ  вазифасига  тайин  этилган   Раҳмонқулибийга  қараб  "катта  жиянингиз  шаробхўр  эди,  кичкинаси  ҳарамдан  чиқмайдими  дейман”,  дейди.  Хонга  энг  яқин  инсонга  очиқдан-очиқ  бундай  дейиш  мантиққа тўғри келармикан? 

Сўнгра  Ирисқул  бошчилигидаги  беклар  бемалол  унинг  уйида  йиғилиб  олиб,  хонга  қарши очиқдан-очиқ  мажлис  қилишмоқда.  Уларнинг на қиёфасида,  на  бирон  ҳаракатларида   заррача   ҳадик,  қўрқув сезилмайди.   Тарихдан  яхши  маълумки,  арзимаган гап- сўзлар  ҳам  хуфиялар  томонидан  соҳиби  давлатнинг  қулоғига   оқизмай-томизмай  яна  исталган  талқинда   етказилганига  кўплаб  мисоллар  келтириш  мумкин.  Мана  шу  жиҳат  ижодкорлар  хаёлидан  бироз  кўтарилгани  ажабланарли.  

Энг  асосийси,  фильмнинг  маъно-мазмунидан,  сюжетидан  келиб  чиқадиган  бўлсак,  бош  қаҳрамон  масаласи  сал  нозикроқ.  Фильм  Амир  Умархон  ҳақида  бўла  туриб,  унинг   илм-у  марифат,  фуқаронинг   ҳаётини  енгиллаштириш  учун  бирон-бир  йирикроқ  ислоҳоти  ёритилмаган.   Умархон  образига  қараганда Олимхон  ва Дилмурод  Масаидов  талқинидаги   сиймо  бош  қаҳрамонликка  анча  яқин  турибди.  Унинг  устига  Нодирабегимнинг  ҳам  бирорта  диққатга сазоворли  жиҳати кўрсатилмагани  кишида  бу  икки  буюк  шахснинг  ўтмишдаги   маиший  муаммолар гирдобида  қолгандай  таассурот   уйғотади. 

Амир  Умархон  (Илҳом  Бердиев)  сиймосида  хонга  хос  шижоат, қатъият  фильмда бироз   оқсагандай,  назаримда.  Хон  халқни    қурғоқчилик   бўлгани,  йил  оғир  келгани  сабаб  ушр  солиғидан  озод  этади.   Бу  фильмда  зиндонда  қийноқлар  остида  эзилаётган  деҳқонни  озод  этиш  ва  у  бу  хабарни  оммага  етказганини  кўришимиз  мумкин. 

Худди шунга  ўхшаган саҳна Жаҳонгир  Аҳмедовнинг "Исломхўжа" фильмида ўзбошимчалик  билан  солиқ  йиғиб  халқни  қийратган  амалдорни  жазолаш  саҳнаси бор.   Мана  шу   кадр  Исломхўжа   ислоҳотларининг  халқ  орасидаги  назоратини  эътиборсиз  қолдирмаётгани  кўрсатиш  билан  бирга  уни  кузатиб  турган  оддий  халқ  нигоҳидаги   қаҳрамонлигини ҳам  таъминлайди.  "Қўқон шамоли"  фильмида   ҳам  айнан  Амир  Умархон  линияси  учун худди   мана  шундай  қаҳрамонлик, халқ  юрагидан  жой  оладиган  даражадаги  ихчам  ва  тугал  воқеани  сингдириб  ўтилса  яхши бўларди, менимча. 

Фильмда  бундай  воқеа  бўлмаса-да ижодкорлар  томонидан   бунга  уринишни  кўришимиз   мумкин.  Яъни  хон  барча  бекларни  йиғиб,  Ирисқулни  қўлга  олишни  буюради.  Тўғри, бу фильм динамикасини ошириб юбормаса-да,  унга  салгина  кескинлик  бағишлайди.  Аммо бу  кескинлик ҳам фильмнинг  бошидаги Олимхон (Бобур  Йўлдошев) уюштирган шикор  даврасида  бек  билан  сарбоз  ўртасидаги  бўлган  баҳс ва унга  Олимхоннинг   қайтарган  жавобидан   анча  сустроқ  чиққан бўлишига қарамасдан фильм  чизиғида  (линияси) бироз  жонланишига  сабаб  бўлади.    Амир  Умархонга  саройда  ўз  мулозими  ҳужум  қилади.  Икки  ўртада  жанг  бўлиб  ўтади.  Тўғри,  бу  олишувда  актёрлар   ҳаракатлари  жонлироқ  гавдалантирилган  бўлсада,  аммо шу  воқеада  саспинсни  қўллаб  жанг  саҳналари  юқори  суръат  билан  ифодаланганда  бу  табиий  равишда фильмнинг  муваффақиятини оширишга  хизмат қилган бўлар  эди. 

Киноасарнинг  сўнгида  экранда  титрлар пайдо  бўлади. "Амирий мураккаб бир  даврда  мамлакатда  тинчлик ўрнатишга, турли  айирмачилик  кайфиятидаги  бекларни  ягона   марказий  ҳукуматга  бўй  сундиришга  эришди",  дейилади.   Айнан  шуларнинг  тасдиғини  ижодий  жамоа  Амирийнинг  фильм  сўнгидаги  нутқи  ва  масжиднинг  қурилишига  пойдевор  қўйилаётган пайтдаги  содир  бўлган  воқеа  билан  изоҳлашга  ҳаракат  қилишади. Бу воқеалар силсиласидаги   қаҳрамонларнинг  тақдири  эса  дунёда  ҳар қандай  амал хоҳ  яхши, хоҳ  ёмон бўлсин асло  жавобсиз  қолмаслигининг  тасдиғидир.

Мафкуравий  таҳдид,  оммавий  тарздаги  глобаллашув  бугун  ҳар бир  қадамда  ёш  авлоднинг  онгу шуурига  ҳар лаҳза раҳна  солиб  турган  шиддаткор бир  даврда  мана  шундай  ибратли  тарихий  шахсларнинг  сиймосини  экранда  гавдалантириш  заруратини  ҳаётнинг  ўзи  яна  бир  карра  исботлаб  турибди.  Чунки эътиқоди  мустаҳкам,  маънавияти  етук, ақли  теран ўтмиш  ва  келажакни  тўла  ҳис қила оладиган инсонгина  асло  ёт  ғоялар  тасирига  берилмаслиги,  ўзгалар  йўриғига  юрмаслиги  ҳам  айни ҳақиқат.  Балки,  шу  сабаб   фильм  сўнгидаги  ҳаётга  чақириқ  сингари  янграган  нутқ эзгу туйғуларни  уйғотиш билан бирга  келажакка,  ёруғ  кунларга  бўлган  умид  учқунларини  шакллантирувчи  маёқ  сингари  порлайди. Шуниси аёнки, тарихсиз  келажакка бориб бўлмайди.          

Шуҳратбек Исломов,

Ўзбекистон давлат  санъат  ва  маданият  институти,  кино  санъати  танқиди  ва таҳлили й 2-курс  талабаси