Режиссёр Пон Жун Хо "Паразитлар" ҳақида: Тараққиёт тушунчаси зарарли

  • Асосий /
  • Интервью /
  • Режиссёр Пон Жун Хо "Паразитлар" ҳақида: Тараққиёт тушунчаси зарарли
Режиссёр Пон Жун Хо

Режиссёр Пон Жун Хо "Паразитлар" ҳақида: Тараққиёт тушунчаси зарарли

  • 19/09, 14:16
  • Интервью

Режиссёр Пон Жун Хонинг “Паразитлар”и бадавлат бир оилага ишга кириб олиш ниятида ҳеч нимадан қайтмайдиган, қоронғу ертўлада яшовчи фирибгарлар оиласи ҳақидаги трагикомик фильм. Картина Канн фестивалида нафақат ҳайъат аъзолари, балки танқидчилар томонидан ҳам мақтовларга сазовор бўлди.

 Фильмларингиз жуда томошабоп ва ҳатто “Паразитлар” каби жиддий мавзуларга бағишланган кинода ҳам сиз бизни мафтун қилишни унутмайсиз. Бундай  мувозанатга қандай эришасиз?

– Мен ҳар доим жанрли фильмларни суратга олишни хоҳлайман ва шу билан бирга унинг чегараларини бузишни яхши кўраман. Сохта камтаринликсиз мен сизга Indiewire танқидчисининг гапларини айтишим мумкин. Яқинда америкалик дўстим менга унинг мақоласини юборди. Мақола муаллифи "Паразитлар" жанрини "Пон Жун-хо" деб номлаганини ёзади. Мен ўзимга ўзим жанрман. Жиддий айтадиган бўлсак, менинг фикрлашим шунақа: меланхолия жаҳл билан, кулгу эса кўз ёшлар билан ёнма-ён туради. Ва шу маънода "паразитлар" – бу ижтимоий-сатирик хоррор. Мен ўзимнинг ақлли фикрларимни қадимги грекча кўйлакка ўрамаган маъқул, деб ҳисоблайман. Камроқ патетика, кўпроқ динамика!

"Паразитлар" да ҳам, "Қор ичида" фильмида ҳам асосий тўқнашув бойлар ва камбағаллар ўртасида бўлади. Ўзингизни элита қатлами каби ҳис қиласизми ва агар шундай бўлса, бир кун келиб сизни ҳам йўқ қилишларидан қўрқмайсизми?

– Ажойиб савол, мен ҳазилларни яхши кўраман. Ростини айтсам, мен умуман бой эмасман. Менинг уйимда "паразитлар" яширинадиган жой йўқ – у жуда кичик. Мен зўрға ўрта синф қатламига кирсам керак. Аммо мен масъулиятни ҳис қила оламан. Ахир, ҳар ҳолда имтиёзларга эгаман. Мен буни ҳадеб такрорлашни хоҳламайман, лекин кўряпсизки, қашшоқлик бугун давом этмоқда. Биз бу ҳолни бундан яхшироқ бўлмайди, деб тан олишимиз ва қабул қилишимиз керак. Пессимизмга ўта берилмасдан айтадиган бўлсак: катта эҳтимол билан вазият яхшиланмаса керак.

Фильм сўнгида ўғил отасига кун келиб у мана шу ажойиб уйни сотиб олишни ваъда қилади. Аммо биз унга ишонмаймиз. Биз катталар биламизки, у муваффақият қозонмайди. Биздан аввалги ва биздан кейинги кўпчилик кишилар каби... Чунки оддий арифметик ҳисоб-китоб қилинганда ҳам бу кошонани сотиб олиш учун унга 547 йил керак бўлиши аёнлашади. Бошқа томондан эса балки тақиқланган нарсани айтарман: нима учун яшаш шароитлари мунтазам ошиб бориши, энг кам иш ҳақи, турли нафақалар ўсиши керак? Агар ҳозир ҳар бир кишида учта мобил телефон бўлса, бу тараққиёт эмас. Тараққиёт тушунчаси зарарли утопия. Аммо давлат энди ўз фуқароларига ғамхўрлик қилмайди. Айтгандай, мен ҳеч қачон тизим мени ҳимоя қилишига ишонмаганман. Биз фақат ўзимизга ишонишимиз мумкин, чунки ўзимиздан бошқа ҳеч ким бизга муҳтож эмас ва ҳеч ким биздан қарздор эмас.

“Паразитлар”да воқеа ёш авлоднинг кўзлари билан акс эттирилган; "Окча" фильмининг бош қаҳрамони кичкина қиз; “Қор ичида”да поезд боланинг саъй-ҳаракатлари туфайли илгарилайди. Болаларга бўлган бу муҳаббат боиси нимада ва буларнинг барчаси нимани англатади?

– Болаларга кўп урғу бериш ғалати туйилишини тушунаман. (Кулади.) Аслида, ҳаммаси оддий: катталар томонидан айтилиши мумкин бўлмаган баъзи фикрларни болалар тилидан сўзлаш осонроқ. Акс ҳолда, дарҳол “Цинизм!”, «Мизантропия!» “Уялмасанми?”, деган қичқириқлар бошланади. Лекин бу гапларни болалар айтса, бариси соддаликка ёки хатто Худо томонидан юборилган бир илҳомланишга йўйилади. Кейин, болалар ҳали тизимнинг бир қисмига айланишмаган, улар жамият олдида мажбуриятларга эга эмаслар, бу эса мен учун жуда муҳим.

Сизга Netflix ҳақида бир савол бермайман. Афсуски, "Окча" ни ҳам томошабинлар катта экранда кўра олмадилар. "Қор ичида" сериалини яратишда қанчалик иштирок этяпсиз?

 - Хўш, «Окча»ни ватандошларимдан бир қанчаси барибир катта экранда кўра олди. Фильм, менимча, Жанубий Кореяда 170 нусхада чиқди, бу аввалдан келишиб қўйилган эди. Ва, албатта, Канндаги намойиш. Аммо, тўғри, сиз бутунлай ҳақсиз. Стриминг платформалари, балки эртанги кундир, аммо бу жуда яхши хабар. Компьютер ёки планшет экранида кино конфет қоғозига айланади. Сериалга келсак, мен лойиҳада ижрочи продюсерлардан бири сифатида ишлаяпман, суратга олиш майдончасига эса атиги бир марта ташриф буюрдим. Яна ўша декорациялар орасига тушиш — бу жуда ғалати бўлди. Гўё иккинчи марта армияда хизмат қилаётгандек.

  Кўп ҳамкасбларим ўз мақолаларида "Паразитлар”ни ўтган йилги Канн ғолиби Хирокадзу Корээданинг «Дўкон ўғрилари» фильми билан солиштиришган. Аммо, менимча, бу ерда яна бир ўхшаш  фильм Жордан Пилнинг "Биз"и ҳам бор. Сизнингча, бугунги кунда синфий тафаккур кинога қайтдими?

– Айтганча, "Биз" ни эслаганингиз яхши бўлди. Ушбу фильмнинг трейлерини кўриб, ҳайратда қолдим – Пил фильмининг меники билан ўхшашликлари кўп. Мен 2013 йилда "Паразитлар" (синопсисини - таҳр.) ни ёздим. Пилга эса фильмининг ғояси қачон келганини билмайман. Лекин, мен барибир синфий жиҳатга унчалик урғу беравермайман. Ҳаётни битта жанр ёки фалсафа мактаби доирасида тушунтириш имконсиз ва Пилда жанрлилик метафорани янада оғирлаштиради. Мен эса бароккода олишни истамайман, абсурдизм менга сюрреализмдан яқинроқ. Менинг «ноу-хау»им — ҳеч нарсадан кўп қон чиқариш. Ҳаёт – бу қон. Сизни сўришади, ўз навбатида сиз бировнинг энергиясини сўрасиз. Яъни, бир томондан, менинг фильмим "Биз" га қараганда анча содда. Бошқа томондан мен ўз хулосаларимда эгилувчанроқман: барча айбдор, барча – паразит.

Ва яна жанр ҳақидаги саволингизга қайтсак, Канн кинофестивалидан олдин Сеулда бўлиб ўтган матбуот анжуманида, мухбирлар мени сcи-фи-хоррор олган деб ўйлашди. Пон Жун-хо олган «Паразитлар» деб номланган фильм яна қандай ҳам бўлиши мумкин? Мен уларга гап таналарни сўрувчилар ҳақида эмаслигини, ҳаммамиз санитар назоратдан ўтганимизни (кулади) қанчалик таъкидламай, улар ўзларининг нотўғри фикрларида туриб олишди.

 

                                                                                        Муаллиф: Зинаида Пронченко