"Шум бола": кулиб кўрамиз, йиғлаб эслаймиз

Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси толе юлдузи остида туғилган асарлардан: китоб ҳолида ҳам, спектакль кўринишида ҳам, кино тилига кўчирилганда ҳам халққа бирдек севимли. Аввало, ёзган муаллифга, қолаверса, саҳналаштирган, экранлаштирган ижодкорларга жуда катта шон-шуҳрат келтирди. Асар унга қайсидир маънода яқинлашган барча инсонлар тақдирида муҳим роль ўйнади.

 

1Хайрулла Саъдиевнинг армони


1936 йили “Муштум” журнали Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасини бобма-боб чоп эта бошлайди. Ёзувчининг қизи Олмос Ғуломованинг хотираларига кўра, журнал чиқадиган кун матбуот дўконининг олдида узундан-узоқ навбат ҳосил бўлар, муштарийлар нашрнинг ҳар бир сонини интизорлик билан кутишар экан. Бундан руҳланган ёзувчи кейинчалик ҳам қиссани кўп бор қайта ишлаган, янги-янги боблар қўшиб, бойитиб борган ва ниҳоят, бизга тўлақонли асар сифатида етиб келган.

Қиссага дастлаб театр санъати ижодкорлари эътибор қаратишди. Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилган спектакль ҳамда “Ўзбекистон” телевидениесида инсценировка қилинган видеоспектаклда Шум бола ролини ўйнаган Хайрулла Саъдиев бугун бир кам саксон ёшда. Лекин ҳамон томошабин тасаввурида Шум бола образида яшаяпти. Актёр бундан розидек... Интервьюларида тез-тез ўша ролини эслаб ўтади. Афсуски, ҳозирда спектакль ва видеоспектаклдан бир-икки қисқа лавҳаю афишаларгина сақланиб қолган. Бу – актёрнинг энг катта армони. “Шум бола”ни унинг ижросида кўрганлар тобора камайиб бормоқда...

Қиссанинг кино оламидаги тақдири эса ҳавас қилгулик. 1977 йили кинорежиссёр Дамир Салимов суратга олган “Шум бола” бадиий фильми ҳам томошабинлар кўнглидан, ҳам ўзбек киносининг олтин фондидан мустаҳкам жой олган.

2“Ўзбекфильм”да дув-дув гап


Ўтган асрнинг 60-йиллари “Шум бола” адабиёт ва театрда омадли одимлари билан арзанда асарга айланиб улгурганди. Энди кино тилига ўгириш орзусида ёнаётганлар кўпчилик, лекин бу ишга жазм этишга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермас эди. Ҳозир тасаввур қила оламизми-йўқми, “Шум бола” ўша пайти том маънода халқники бўлиб кетган, одамлар уни Хайрулла Саъдиев ижросида қалбига жо этган эди. Шундай бир вазиятда экранга янги Шум болани олиб чиқиш ва томошабинга маъқул қилдира билиш масъулияти манаман деган режиссёрни ҳам тараддудлантириб қўяди-да... “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан” каби фильмлари билан томошабин меҳрини қозонган машҳур режиссёр тап тортмай тайёргарликни бошлаб юборади. “Ўзбекфильм”да ўша кезлари дув-дув гап оралайди: “Шуҳрат Аббосов “Шум бола”ни суратга олар экан!”, “Ҳа, буни фақат у эплайди!..”
Ҳаммаси бир кунда умуман бошқа томонга ўзгариб кетишини ким ўйлабди дейсиз. “Ўзбекфильм”да Москвадаги Олий режиссёрлик курсларини тугатиб келиб, “Зумрад ва Қиммат” эртаги асосида бугун сизу бизга ва ҳатто фарзандларимизга-да севимли “Сеҳрли сандиқ” мультфильмини яратган Дамир Салимов деган яна бир режиссёр ишлар эди. Воқеалар ривожи уларнинг уйига рафиқасининг тоғаси, “Шум бола” қиссаси муаллифи Ғафур Ғулом меҳмон бўлиб келишидан бошланади.

 

3Ёзувчига эътироз


Дамир САЛИМОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби:


– Ғафур ака шўх-шаддод инсон эди. Уйимизга кулиб-яшнаб кириб келди-да, туриш-турмушимизни кўздан кечира бошлади. Каттагина кутубхонам бор, дарров ўша хонага ўзини урди. Жюль Ренарнинг “Рижик” (“Сариқ машак”) деган асарига кўзи тушди. Китобни қўлига олиб, “Буни ўқиганмисан?” деб сўради. “Албатта”, дедим. “Ренарни ўқиган ўзбекни биринчи кўришим”, деб кулди. “Сиз шу асар асосида Жюльен Дювивье суратга олган картинани кўрганмисиз?” деб сўрадим. Гап гапга уланиб кетди...
– “Шум бола”ни ўқиганмисан?
– Ўқиганман.
– Хўш, нима дейсан?
– Очиғини айтсам, менга ёқмади.
– Сабаб?
– Ғафур ака, мендан хафа бўлманг-у, кўнглимда борини айтаман. Сиз бу асарни партиявий мезон билан ёзгансиз. Боланинг шум тақдирини мафкуранинг юки остига ташлагансиз. Мафкуранинг йўриғидан чиқолмай, Қоравойнинг қўли билан динга, диндорларга лой чаплагансиз. Бу нотўғри ёндашув, – дедим.
“Барчага бирдек севимли”, деб юрган асари ҳақида ҳеч бундай эътирозни эшитмагани учунми, Ғафур ака қошларини чимириб, менга бироз қараб турди-да:
– Нима деб ўйлайсан, кино қилиш мумкинми буни? – деб сўради.
– Асарда муҳими – инсон тақдири. Мафкура эмас асло. Томошабиннинг юрагини “жиз” эттирмаса – ҳаммаси бекор. Кино ишланадиган бўлса, ўша “Сариқ машак” – “Рижик”ка ўхшаб боланинг дардини, ички кечинмаларини очиш керак. Сиз энди буни қила олмайсиз, – дедим.
– Нега? – ҳайрон қолди Ғафур ака.
– Ёзадиганингизни ёзиб бўлгансиз. Бу ёғини киночиларга қўйинг. Мана, Шуҳрат Аббосов уннаб юрибди. Унга эркинлик беринг, – дедим.
– Қиссани ўзбек тилида ўқиганмисан, ўзи?
– Йўқ, Александр Наумов таржимасини.
– Э, ўзбекчада умуман бошқа асар бу. Агар рухсат олиб берсам, фильмни ўзинг ишлайсанми, хоҳлаганингдай қилиб? Истаган жойингни чиқариб ташла, истаганингни қўш. Мен сенга шундай ҳуқуқни бераман, – деди.

 

4Режиссёрга эътироз

“Шум бола” бўйича шу тариқа Дамир Салимов иш бошлади (Шуҳрат Аббосов эса кўп қисмли “Оловли йўллар” билан банд бўлди). Қисса воқеалари кино санъати сатҳига кўчирилди. Фильмда ҳам адибнинг тилини сақлаб қолиш учун режиссёрга Ғафур Ғуломнинг ҳаммаслаги, уста муҳаррир Ваҳоб Рўзиматов ёрдам берди. Лекин асарини кинокартина ҳолида кўриш шоирга насиб этмади. “Шум бола” бадиий фильми унинг вафотидан ўн бир йил ўтиб экранга чиқди.
– Нима деб ўйлайсиз, агар муаллифнинг ўзи кўрганида, унга маъқул келармиди?
– Ғафур ака биз қисқартираётган ёки қўшаётган саҳналарни аввалдан билар эди. Ўйлайманки, фильм у кишига ёқарди.
– Томошабинга-ку манзур бўлди. Шоирнинг оила аъзоларига-чи?

– Афсуски, яхши қабул қилишмади. Аслиятдан узоқлашиб кетишда айблашди. “Буюк Ғафур Ғуломнинг ёзганларини қайта ишлашга, олиб ташлаш ва таҳрир киритишга ҳаққинг йўқ эди”, деган айблар қўйишди. Ҳатто устимдан энг катта раҳбариятга арз этишди. Фильм тўрт ой қабул қилинмади. Жуда кўп саҳналардан воз кечишга мажбур бўлдим. Ўзимизнинг амалдорлар эса “Оддий гигиена қоидаларига риоя этилмаган! Овқатни қошиқ-вилка билан эмас, нега қўлда ейишган? Нимага ялангоёқ юриб келиб, сувга оёғини тиққанча овқатланяпти?” каби аҳмоқона эътирозлардан тортиб, сиёсий хатоларгача топишди.
– Масалан, қандай лавҳаларни олиб ташладингиз?
– Бахтиёр Ихтиёров ўйнаган кўп саҳналарни кесганман. Тасаввур этяпсизми, худди ўз фарзандимни майиб қилгандай. Юрагим сим-сим оғриган. Юрагим юм-юм йиғлаган... Ваҳоланки, бу образ фильмга шунчаки боши айланиб қириб қолмаган эди. Қиссани ўқиганлар билади, ҳар муюлишнинг ўз жинниси борлиги айтилган. Уларни тақдирнинг оғир тошлари, ҳаётнинг аччиқ фожеалари шу кўйга солган. Ана шу бахтсизларнинг қисматини бирлаштириб, битта Бахтиёр Ихтиёровнинг қаҳрамонига юклагандим. Жуда чуқур маъноли, қайғули образ эди. Эътибор берган бўлсангиз, доим ўзини занжирлаб юради. Бу персонажнинг боши ҳам, охири ҳам кесилган. Шунинг учун ўткинчи, тушунарсиз бир ролга айланиб қолган. Бахтиёр ҳам мендан қаттиқ хафа бўлган. Ҳалигача ўзимни айблайман. Ожизлик қилганман. Чекинганман. Ҳар кўрганимда ярам янгиланади.


– Агар фильмни янги талқинда олиш имкони туғилса, яна нималарни қўшар ёки қайси лавҳалардан кечар эдингиз?
– Камида беш қисмли фильм қилган бўлардим. “Шум бола” – менинг юлдузли онларим. Энг ширин, ёқимли хотираларим.
– “Шум бола”дан кейин кинодаги муваффақиятли юришингиз давом этмади. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
– Ҳеч кимни айблагим йўқ. Ҳамма муаммо ўзимда. Характерим бўш. Режиссёр дегани менга ўхшаб юмшоқ феъл, қатъиятсиз бўлмаслиги керак экан. Мақсадинг учун, ижодинг учун курашишинг, ғолиб чиқиш йўлини қилишинг шарт экан. Мен эса ўз вақтида туриб бера олмадим.
Журъати қўл келди
Одамлар орасида “Шум бола ролини фильмнинг ярмигача Саидкарим Саидорипов ва Абдураим Абдуваҳобов навбатма-навбат, параллель ижро этган”, деган гап юради. Режиссёр буни рад қилди.
– Йўқ, бу қуруқ миш-миш. Фильм жуда қиммат плёнкада олинган, ўзимнинг иккиланишларимни деб исроф қилолмасдим. Қолаверса, тасдиқланмаган роль учун икки болани умидвор, бошқа таниқли актёрларни сарсон этишга ҳаққим йўқ эди. Тўғри, Қоравойни аввал Саидкаримдан излаганим рост. Кейин қарасам, синовларда унинг шумлиги ўта асабий ва салбий бўёқларда чиқяпти. Менга эса томошабин ҳар қандай шўхлигини кечириб юборадиган ёқимтой шумтака керак. Худонинг ўзи қўллади бизни. Абдураим “Илтимос, шу жойини бир марта кўрсатиб берай, бир мартагина уриниб кўрай”, деб қолди. Бу болаларни уч мингга яқин тенгдошлари орасидан танлаб олганмиз. Абдураим нима қилса ярашарди. У ролга тасдиқланганидан кейин шунақанги берилиб ўйнадики, ҳатто еган калтаклари ҳам ҳақиқий... Съёмка тугагач, яна бир муаммо кўндаланг бўлди: бош қаҳрамонга ким овоз беради? Бу ишни ҳам Абдураимнинг ўзи уддалади. Битта уринишдаёқ!

5Фильм операторининг деганлари

“Шум бола” бадиий фильмининг постановкачи оператори – Тимур Қаюмов. Бу фамилия сизга нималарнидир эслатиб юбормаяптими? Ҳа, ўзбек кино санъатининг афсонавий режиссёр-оператори Малик Қаюмовнинг жияни бўлади. Занжир узилмаган: унинг фарзанди Шуҳрат Қаюмов ҳам машҳур “Абдуллажон” фильмида бош ролни ўйнаган.


Тимур Қаюмов,
фильм оператори:


– Ўша пайтлари киностудияда операторлар кўп эди. Дамир Салимов айнан мени таклиф қилгани учун доим миннатдор бўламан. Минглаб мухлисларни шу фильм орқали топганман, орзумдаги кадрларни шу картинага муҳрлаганман.

Операторнинг севган манзаралари доим кўз олдида айланиб юради. Баъзиларини кинога кўчиради, баъзилари эса қалбига чўкиб қолиб кетади. “Шум бола” фильмидаги шилдираган тиниқ сойлар, ғала-ғовур бозорлар, мадрасаюмасжидлар тасвири – мен учун жуда-жуда қадрли кадрлар.
Биз фильмда Ўзбекистоннинг бор гўзаллигини, серунум тупроғини, самимий одамларини кўрсатишни мақсад қилган эдик. Режиссёр ҳам менга худди шундай вазифа қўйган. Бозорлар, кўчалар, боғлар – ҳар бирида кенглик ва гўзаллик бор. Биргина олмазорни қаранг, бунақаси фақат бизнинг юртда бўлиши мумкин.

 

6Актёр қамчиланганидан рози


Яхши актёр битта роль билан ҳам ўзига ҳайкал қўйса бўлар экан. Лекин бунақа омад умрнинг иккинчи ярмида насиб қилгани яхши. Отабек, Кумуш, Ўткурий, Фармонбиби каби ролларнинг шуҳратидан ошиб ўтиш, уларнинг қолипини синдириш деярли мумкин эмас... Абдураим Абдуваҳобов эса бу мартабага жуда эрта эришди. Биринчи уринишдаёқ, илк қадамдаёқ ўзбек киносида ўзининг муҳрини қолдирди.
Шум бола, мана қирқ йилдирки, актёрни таъқиб этади. Абдураим Абдуваҳобовнинг ижодини ушбу образи ва бошқаларга бўлиб таҳлил қилиш мумкин. Лекин у Ўткурий (Обид Юнусов) ёки Шурик (Александр Демьяненко) каби кинодаги тақдиридан норози эмас. Шу қисматни ўзи тилаб олди. Съёмка пайти ҳам, кейин ҳам барига чидади. Яхшиси, бу ҳақда актёрнинг ўзидан эшита қолайлик:
– Эшакни бўғизлаб қўядиган саҳнаси бор-ку, ўшандан кейин ростакамига саваланганман. Тўрт дубль. Тасаввур қилинг, ҳар гал Рустам ака: “Абдураимжон, мендан ўпкалама, режиссёр чиндан уринг деяпти-да”, деб узр сўраганча қамчилайди. Ўша куни елкам моматалоқ бўлиб уйга қайтдим. Онам буни кўриб: “Бас, бошқа бормайсан, кино-пинонгни йиғиштир”, дея қаршилик қилса-да, оғриқни, иситмани енгиб, эртаси куни яна съёмка майдонига югурдим.
Абдураимнинг Шум болага айланиб қолиш тарихини фильмдаги онаси, Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимовадан эшитамиз:
– Ҳалфанага қочиш саҳнасини репетиция қила бошладик, Саидкарим жуда тортиниб, қимтиниб турибди. Ҳеч чиқаролмаяпти-да бола бечора. Сал нарида эса Абдураим типирчилаб, гижинглаган отдай бўлиб: “Мен ўйнай, бир марта кўрсата қолай”, дейди нуқул. Саидкаримни аяймиз, ранжитгимиз келмайди. Икки-уч уринишдаям ўхшамади... Абдураимга нисбатан ҳам “Қанақа бўларкин, бу бола дўмбоққина-ю”, деган эътирозлар билдирилди. “Ҳа, уйдан ҳали уни, ҳали буни ўғрилаб, мой, тухум опчиқиб, ошлар қилиб еб юрган бола-ку”, дедим. Битта дублдаёқ ролга қолипдай тушди-қўйди.
Фильмдаги энг қизиқ эпизодлардан бирини тасвирга олиш учун бир қути тухумни Абдураимнинг бошида чақишганини “она-бола” ҳалигача кулиб эслайди.
– Энг қийин саҳнамиз шу бўлган. Қайта-қайта уринганмиз. Биттасида “пақ” этиб ерга тушиб синган. Яна бирида сурилиб кетиб, бошқа томондан оққан, – дейди Рихси Иброҳимова.
– Кейин бунинг ҳам йўлини топишди, – гапга қўшилади Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов. – Елим халтанинг бир четини керакли тарафга тўғрилаб кесиб қўйишди. Ана шундан сўнггина онам бошимга ўқлов билан солганида тухум режиссёр хоҳлагандек оқиб тушди.

7Донгдорлар дастаси


“Шум бола” бадиий фильми экранга чиқиб, рус тилига дубляж қилиниши билан бутун иттифоқ прокатида бир йилдан ошиқроқ вақт мобайнида пешқадамликни қўлдан бермади. Ҳозир ҳам интернет тармоғида энг кўп кўриладиган ўзбек киноларидан бири бўлиб турибди. Бунга осонликча эришилмаган, албатта. Ахир, Ғафур Ғулом билан суҳбатдан сўнг ўтган ўн-ўн беш йил ҳам бекор кетмагандир.

– Мени ўша кезлари Москвага, малака оширишга юборишди, – дейди Дамир Салимов. – Бу орада “Доира” деган фильм суратга олдим. Жуда кўп халқаро совринларга сазовор бўлди. “Шум бола” қиссаси асосида кино ишлаш ниятидан ҳам кечмадим. Китобни қўлимдан қўйганим йўқ. Москвадалигимда устозим, режиссёр Иля Фрезга кўрсатдим, кенгашдим. “Очиғи, сизга жуда раҳмим келяпти. Буни кино тилига ўгириш учун тамоман қайта ёзиб чиқиш керак-ку”, деди. Шундай қилиб, ана-мана дегунча вақт ҳам ўтиб кетди. Ғафур ака фильмни кўролмади. Яна бир армоним бор. “Шум бола”да ўзбек киносининг энг таниқли ва севимли инсонларини имкон қадар жамладим. Фақат Пўлат Саидқосимовга кичкина бўлсаям, бир роль топиб беролмадим. Шуниси алам қилади.

Ҳа, режиссёр бу картинада ўзбек кино ва театр санъатининг энг аслларидан гулдаста тузгандек гўё. Фильмдаги кичик эпизодларда ҳам катта ижодкорлар банд бўлишган. Ҳар бир образ томошабин ёдида қолади. Эргаш Каримов ижро этган ролга ҳам дард юкланган. Ҳар қанча риёкор, ҳийлакор бўлмасин, охирида барибир Қоравой учун энг асосий гапни айтади: “Ўқи, – дейди. – Ўқи, одам бўласан”.

Яна бир қизиқ факт: фильмнинг русча дубляжида ўғрибоши (Ҳамза Умаров)га Армен Жигарханян овоз берган. “Кичкина роль экан-ку, ярим соатда боплаб ташлайман”, деган ўй билан келиб, уч кун овора бўлганини режиссёр яхши эслайди: “Ҳамза Умаровнинг ижро маҳорати, техникасига тан берган Армен Жигарханян “Қандай катта истеъдод! Мана маҳорат, мана ижро, қойил! Унга етишимга ҳали анча бор экан”, деган эди”.

8Қоравойнинг опаси ва Омон

Қоравойнинг опаси – томошабиннинг кўз ўнгида қоладиган қиёфа. Наргиза Акбарова фильмга таклиф қилинганида 7-синфда ўқир эди. Шапаат унинг биринчи ва охирги роли бўлиб қолди. Кейинчалик Низомий номидаги педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетини тугатиб, тақдирини таълим соҳаси билан боғлади. Айни пайтда Санкт-Петербургда яшайди. Наргиза Акбарова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, таниқли раққосаларимиз – Зиёда ҳамда Насиба Мадраҳимоваларнинг жияни бўлади.

Кўпчилик Омон роли ижрочисининг кимлиги, унинг фильмдан кейинги ҳаёти билан ҳам қизиқади. Саидкарим Саидорипов 1962 йили туғилган. “Шум бола” фильмидан сўнг кино оламига бошқа бўйламади. Мактабни тугатиб, ЎзМУнинг тарих факультетида таҳсил олди. Кейин сиёсий иқтисод фанидан дарс берди. Айни пайтда соғлиғи туфайли нафақада.

Ҳаёт чархпалаги айланаверади. Ўтган кунлар эса худди суратлар, тасвирлар каби оқ ва қора рангларда хотирамизда қолади. Саҳифалар сарғаяди, куртаклар неча бор барг очиб, хазон бўлади, келганлар кетади... Фақат эзгу амаллар мангу. Адабиёт ва санъат аҳли якдил бўлиб кино оламида солган иморат – “Шум бола” бадиий фильми ҳам инсоният қилган яхши ишлардан бири сифатида ҳали яна узоқ йиллар яшашга ҳақли.